КХДР устидан қозонилган ғалабада мухлисларнинг ҳам ҳиссаси катта

  • ЎФА
  • 08-06-2019
  • 694
 
Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси КХДРга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди. Ўйин йирик ҳисобда вакилларимиз фойдасига якунланди. Мазкур чиройли ғалабада "Миллий" стадионга йиғилган 34 000 нафарга яқин мухлисларнинг ҳам ҳиссаси катта эканини алоҳида таъкидлаш керак. Улар ўйин давомида тинмасдан футболчиларимизни олқишлаб туришди. Стадионда ажойиб атмосфера яратишди.Айниқса, турли рангдаги байроқчаларни кўтариб ўзига хос мозаика яратилгани, худди Европа стадионларидаги каби чиройли манзарани юзага келтирди. 
 
Бундай муҳит ўзимизнинг футболчиларга далда берган бўлса, рақиб футболчиларини довдиратиб қўйди. Бу ҳақида КХДР терма жамоаси бош мураббийи Юн Чон Су ҳам ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтиб ўтди. "Бугунги ўйинда стадиондаги муҳит бизнинг футболчиларга босим юклади. Улар ўз ўйинларини намойиш қила олишмади", деб таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ҳам мухлисларнинг таширфини алоҳида баҳолади. "Бугун стадионда кўплаб мухлисларни кўриб жуда ҳам хурсанд бўлдим. Очиғи, ўртоқлик ўйинига бу қадар кўп мухлис келади, деб кутмагандим. Бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдириб ўтаман", - деди Купер.
 
Қадрли футбол мухлислари! Ўзбекистон миллий терма жамоаси сизнинг қўллаб-қувватлашингиз остида янада яхшироқ ва чиройлироқ ўйин намойиш қилишга, ижобий натижа қайд этиб, юртимиздаги барча мухлисларни хурсанд қилишга интилади! Шундай экан, стадионга ташриф буюринг, терма жамоамизни олқишланг ва ғалабага ўз ҳиссангизни қўшинг!
 
11 июнь куни соат 18:30да Сурия терма жамоасига қарши кечадиган ўйинда барча мухлисларни "Миллий" стадионда кутиб қоламиз!







Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan