Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров ОФК томонидан 8 ойга дисквалификация қилинди

  • ЎФА
  • 11-05-2019
  • 874
 
Хабарингиз бор, Осиё футбол конфедерацияси томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеровдан Осиё Кубоги доирасида олинган таҳлиллар натижасида унинг қонида таъқиқланган модда аниқлангани ва бунинг натижасида дарвозабонимиз ОФКнинг якуний қарорига қадар  ҳеч қайси жамоа таркибида майдонга туша олмаслиги маълум қилинганди.

Терма жамоа шифокорлари Игнатий Нестеров билан бу масалада суҳбатлашишганда, Нестеров Осиё Кубоги давомида терма жамоа шифокорларининг рухсатисиз ва уларни огоҳлантирмай вазн ташлашга ёрдам берувчи дори қабул қилганини айтиб ўтганди.

Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси мазкур масала бўйича ўз якуний қарорини эълон қилди. Унга кўра миллий терма жамоамиз посбони 8 ойга дисквалификация қилинди. Дисквалификация муддати 13 октябрь куни ниҳоясига етади. Игнатий Нестеров дисквалификация муддати якунига етишига икки ой муддат қолганида, яъни 13 августдан бошлаб машғулотларда иштирок этиши ва бошқа клублар билан шартнома тузиш ҳуқуқига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги иштирокини бошлайди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan