ЎФАда клублар қошидаги футбол академиялар ва хусусий футбол мактаблари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

  • ЎФА
  • 12-04-2019
  • 447
Ўзбекистон футбол ассоциациясида мамлакатимизда фаолият юритаётган клублар қошидаги футбол академиялар ва хусусий футбол мактаблари вакиллари иштирокидаги йиғилиш бўлиб ўтди.
 
Йиғилиш давомида аввало мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳар бир футбол мактаби ёки тўгараги қонуний тарзда иш олиб бориши лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу футбол мактаблари ва тўгаракларида фақат ЎФА томонидан лицензиядан ўтказилган мураббийлар ишлаши шартлиги ҳам қайд этиб ўтилди. 
 
Шунингдек, академиялар ва футбол мактаблари тарбияланувчиларини хорижий мамлакатларда ташкил этилаётган турли мусобақаларга олиб бориш тартиби иштирокчиларга тушунтириб ўтилди. Унга кўра хорижий мамлакатдаги халқаро мусобақага  жўнаб кетишдан камида 30 кун олдин клублар қошидаги академиялар ва хусусий футбол мактаблари раҳбарияти ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасини огоҳлантиришлари зарурлиги таъкидланди.  Бундан асосий мақсад хорижга чиқувчи жамоалар мутасаддиларининг масъулиятини ошириш, болаларнинг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
 
ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан клублар қошидаги футбол академиялар ва хусусий футбол мактаблари фаолияти тегишли тартибда ўрганиб, йиғилишда кўтарилган масалаларнинг ижроси назорат қилиб борилади. Қоидабузарликка йўл қўйганларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилади.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan