Маъмур Саидқосимов: “Турли қинғир ишларга аралашган ҳакамлар қатъий равишда жазоланади”

  • ЎФА
  • 10-04-2019
  • 647
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда малакали ҳакамлар сонини ошириш  ва уларнинг савиясини мунтазам равишда ошириб бориш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўзбекистонлик ҳакамлар Жаҳон чемпионати, Осиё Кубоги, Осиё чемпионлар лигаси каби кўплаб халқаро нуфузли мусобақаларда доимий равишда ишлаб келишмоқда. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов малакали ҳакамларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳакамлар савиясини ошириб бориш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳар мавсум олдидан улар иштирокида турли семинарлар ташкил этилиб, назарий ва амалий машғулотлар олиб бориляпти. 

Шу билан бирга ҳакамлар учрашувларда ҳалол ишлашларини таъминлаш, келишилган ўйинларда иштирок этиш, ўйин давомида у ёки бу жамоага атайлаб ён босиш, натижага таъсир этиш каби ёмон иллатлардан узоқда бўлишларини таъминлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Суперлига ва Про-лига учрашувларида қатнашаётган ҳакамлар билан доимий равишда иш олиб бориляпти. Уларнинг ҳар бир ўйинлардаги ҳаракатлари чуқур таҳлил қилиб борилади. Бу борада ЎФАда махсус Мониторинг гуруҳи ишлаяпти. Бу гуруҳдан малакали мутахассислар жой олишган. Улар ҳар бир ўйин видеоёзувини диққат билан ўрганиб чиқишади. Ҳар бир ҳакамнинг ишини таҳлил қилишади. Агар ҳакам ҳаракатлари шубҳа уйғотса, мазкур ҳолат бўйича текширув олиб борилади. 
Келишилган ўйинларда иштирок этгани аниқланган, порахўрлик каби иллатларга берилган, турли қинғир ишларга аралашгани аниқланган ҳакамларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар бутун умрга футболдан четлатилади. 

Шу сабабли ҳакамлардан ҳар хил “ўйинлар”га аралашмасдан, ҳалол ҳакамлик қилишларини, ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришларини сўраб қоламан. 

Биз ёш ҳакамларни тайёрлаш бўйича ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб бормоқдамиз. Мақсад – малакали ва юқори савияла ҳакамларни кўпайтириб бориш. Ўзбекистонлик ҳакамлар бутун дунёда ўз нуфузига, ўзига яраша обрўга эга. Ёш ҳакамлар ҳам ана шу нуфузни янада оширишга ҳаракат қилишлари зарур. Бунинг учун эса турли қинғирликларга аралашмай, ҳалол ҳакамлик қилиб, ўз устиларида кўпроқ ишлаб, халқаро ўйинларда ишлашга интилишлари зарур.

Умид қилиб қоламизки, олиб борилаётган чора-тадбирлар албатта ўз самарасини бериб, ҳакамларимизнинг нуфузи янада ортиб боради”, - деди Маъмур Саидқосимов.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan