Токио-2020 2-саралаш босқичидан олдин матбуот анжумани бўлиб ўтди

  • ЎФА
  • 02-04-2019
  • 828
Бугун 2 апрель куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси биносида Токио-2020 2-саралаш босқичидан ўрин олган учрашувлар олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди. Матбуот анжуманида Ўзбекистон, Вьетнам, Гонконг ва Иордания аёллар олимпия терма жамоалари бош мураббийлари қатнашишди.
 
Баҳром Норсафаров (Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси бош мураббийи): “Гуруҳимиздаги барча терма жамоа аъзоларини Тошкентда кўриб турганимдан хурсандман. Ўзбекистонга хуш келибсиз! Бизнинг терма жамоа саралашнинг биринчи босқичида қатнашмади. Шунга қарамай, ҳозирда биз яхши спорт формасидамиз. Иккита халқаро мусобақада иштирок этдик.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти биз учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Шунга яраша биз ҳам сифатли футбол намойиш этиб, олдимизга қўйилган вазифани уддалашга ҳаракат қиламиз.  Терма жамоа аъзоларининг барчаси сафда. 90 дақиқа майдонда тўп суриш учун ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан тайёрмиз. Рақиблар ҳақидаги маълумотлар бизда бор, лекин ҳаммаси майдонда ҳал бўлади. Ким фаворит эканини ўйин кўрсатади. Барча рақибларга бир хил муносабатда бўламиз”. 

 
Аззедин Чих (Иордания аёллар олимпия терма жамоаси бош мураббийи): “Ўзбекистонга ташриф буюрганимиздан хурсандман. Мусобақа юқори савияда ўтишига ва барча учрашувлар қизиқарли бўлишига ишончим комил. Менинг фикримча, барча терма жамоалар бир хил имкониятга эга. Гуруҳдаги яққол фаворитни ажратиб кўрсата олмайман”.

 
Рикардо  Хосе Рембо (Гонконг аёллар олимпия терма жамоаси бош мураббийи): “Олимпиада саралашининг иккинчи босқичига йўл олганимиздан хурсандман. Ўйинлар осон бўлмаслиги аниқ. Бор имкониятларимизни ишга солиб, ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз. Биз Вьетнам ва Иордания билан аввал учрашув ўтказганмиз. Шу сабабли бу терма жамоанинг имкониятларини яхши биламиз. Умуман олганда, гуруҳимиздаги барча терма жамоалар кучли. Вьетнамни алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин, сабаби улар ФИФА рейтингида гуруҳдаги бошқа терма жамоалардан юқорироқда жойлашган” .

 
 
Мен Гонконгда 20 йилдан бери яшайман. Бу мамлакат мен учун бегона эмас. Биз терма жамоа ўйинини яхшилаш учун катта ҳажмдаги ишни амалга оширдик. Мусобақага тайёрмиз, деб айта оламан”.
 
Май Дак Чунг (Вьетнам аёллар олимпия терма жамоаси бош мураббийи): “Тошкентда бўлиб турганимиздан хурсандмиз. Ижобий натижа қайд этиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Менинг фикримча, ушбу босқичда барча терма жамоаларнинг имконияти тенг. Ҳаммада келгуси босқичга чиқиш учун имконият бор. Кураш қизғин кечади, деб ўйлайман”.



 
 
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan