Аброр Пирриев: "Отабек Шукуровнинг жароҳати жиддий, лекин тез орада сафга қайтишига умид қиламиз"

  • ЎФА
  • 25-03-2019
  • 628
 
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров Хитойга қарши ўйинда жароҳат олганидан мухлисларнинг хабари бор. ЎФА Матбуот хизмати ўйиндан кейин терма жамоа шифокори Аброр Пирриевдан Отабекнинг ҳолати ҳақида маълумот олди.

"Отабек Шукуров бугун Хитойга қарши ўйинда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлди. Биз майдоннинг ўзида Отабекка биринчи ёрдамни кўрсатдик. Кейин уни маҳаллий шифохонага олиб бордик. Текширувлар натижасида Отабекнинг болдир суяги пастидан сингани аниқ бўлди. Аммо суяк жойдан силжимиган. Бу жуда муҳим. Қолаверса, синиш кўндаланг эмас. Бундай ҳолларда футболчининг жароҳатдан тикланиши осонроқ бўлади. Текширувлар натижасидан кейин шундай хулосага келдик: бундай ҳолатда футболчи ё операция қилиниши керак ёки оёқнинг синган жойи фиксация, яъни гипс қилиниб, даволаниши зарур. Операция қилинган тақдирда, жароҳатнинг битиши тезроқ бўлади.

Аммо Отабек Шукуров "Шаржа" клуби аъзоси бўлганлиги сабабли бу ҳолда клуб шифокорлари билан маслаҳатлашиш талаба этиларди. Биз БАА клуби билан алоқага чиқдик. Улар Отабекнинг оёғини гипс қилган ҳолда, Дубайга олиб боришни маслаҳат беришди. Клуб шифокорлари Дубайда футболчини яна бир бор текширувдан ўтказишади. Кейин даволаниш бўйича энг маъқул вариантни ўзлари футболчи билан келишган ҳолда амалга оширишади. Шу сабабли Шукуровнинг оёғи гипс қилинди. Эртага у БААга учиб боради ва у ерда даволанишни давом эттиради. Бундай жароҳатлар одатда икки ой ичида тикланади. Отабек Шукуровга тезроқ соғайиб кетишини тилаб қоламиз", - деди Аброр Пирриев.

Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan