Суперлигага 8 март куни старт берилади 

  • ЎФА
  • 18-02-2019
  • 670
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мавсумга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Ҳозирга қадар ташкилотимиз эски регламентни тартибга келтирди, футболчи ва мураббийлар учун умумий шартномаларни ишлаб чиқди. Айни вақтда ПФЛ бош лига ҳомийлари, шунингдек, бир қатор суғурта компаниялари, трансляция масалалари юзасидан манфаатли келишувлар бўйича иш олиб бормоқда. 
 
Режага кўра, Суперлиганинг 2019 йилги мавсуми мартнинг илк кунидан старт олиши керак эди. Бироқ футбол клублари лицензиялаш талабларини якунлаб улгурмади. Суперлигада клуб сони 10 та қолдирилиши мумкинлиги борасида аввал ҳам хабар берилган бўлса-да, бу ҳолатдан айрим жамоалар тўғри хулоса чиқармаган.  
 
ПФЛ комиссияси 19 февралдан бошлаб футбол клубларини якуний текширувдан ўтказади ҳамда ҳафта якунида Суперлигада тўп сурадиган клублар номига ойдинлик киритиб олади. 25 февраль куни эса Суперлиганинг янги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. 8 март санасидан эса чемпионат старт олади. 
 
Март ойидаги ФИФА кунлари, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Токио-2020 йўлидаги саралаш учрашувлари туфайли клублар 29 мартдан бошлаб 2-тур учрашувларини ўтказади. Бунга қадар сара футболчилар аргентиналик ҳамда сербиялик терма мураббийлари ихтиёрида бўлади. ФИФА кунлари давом этаётган бир вақтда ПФЛ кубоги беллашувлари бўлиб ўтади. Мазкур кубокда ғолиб чиққан жамоага “А” Про-лигаси учун имтиёзли йўлланма тақдим этиш режалаштирилган. 
 
ПФЛ 2019 йилги мавсум формат қандай бўлишини 12 та клубга мослаб тузиб чиққанди. Аммо юқорида кўрсатилган муддатларга қадар клублар ишларини якунлаб улгуришмаса, улар автоматик равишда битта қуйи лигага туширилади. Жамоанинг халқаро майдонда иштирок этиши ёки совринли ўринлар учун курашиш қудратига эга эканига эмас, лицензиялаш талабларининг бажарилишига биринчи галда эътибор қаратилади. 
 
Маълумот учун, февраль ойининг сўнгги кунида ПФЛ вакиллари ОФК комиссияси билан учрашиш учун Куала-Лумпурга йўл олади. Бунда лицензиялаш талаблари, улардаги барча жиҳатлар ОФК вакиллари билан муҳокама қилинади. Айнан 2019 йилдан бошлаб ЎФА клубларга қўйилаётган талабларни оширган бўлиб, бунда ташкилот Япония танлаб олган йўлдан юришга қарор қилган. Яъни, миллий лицензиялаш талабларига жавоб бера оладиган клублар ОФК лицензиялаш комиссияси талабларига ҳеч бир қийинчиликсиз мос келиши шарт. 
 
Шу йилнинг 1 май кунига қадар эса барча футбол клублари учун 2020 йилги мавсум талаблари акс этган регламент расман тақдим этилади. Клублар йил давомида шунинг устида ишлаши керак бўлади. 31 октябрь куни эса ПФЛ лицензиялаш жараёнини якунлайди. Мазкур муддатдан бир кун кеч қолган жамоаларнинг аризаси қабул қилинмайди. Яъни, 2020 йил учун қадам ноябрь ойи бошланмай турибоқ қўйилади. 
 
Профессионал футбол лигаси қуръа ва чемпионат старти каби маросимлар санаси очиқланиши бироз кечиккани учун футбол мухлисларидан узр сўрайди. Шунингдек, давлат корхоналари бераётган тайёр пулга жамоа тузаётган клуб раҳбарларини ўз ишига масъулият билан ёндошишга чақиради. 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan