Легионерларимиз ўз клублари таркибида ўйинлар ўтказишди 

  • ЎФА
  • 18-02-2019
  • 1007
Сардор Рашидов
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг аъзолари бўлган легионерларимиз ўз клублари таркибида учрашувларда майдонга тушишди. Жумладан, Португалиянинг "Насьонал" клубида тўп сураётган терма жамоамиз ҳужумчиси Сардор Рашидов 22-турдан ўрин олган "Фейренсе"га қарши ўйинни ажойиб тарзда ўтказиб, хет-трикка эришди. Рашидов мазкур ўйиннинг 70-дақиқасида захирага олинди. Учрашув 4:0 ҳисобида "Насьонал" жамоасининг ғалабаси билан якунига етди. 


Элдор Шомуродов
Терма жамоамизнинг яна бир ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россиянинг "Ростов" клуби таркибида шу кунларда Испанияда йиғин ўтказмоқда. Кеча "Ростов" клуби Норвегиянинг "Лиллестрём" жамоасига қарши назорат учрашуви ўтказди. Ўйин 1:1 ҳисобидаги дуранг билан тугади. Ҳамюртимиз мазкур учрашувда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. 
 
Достон Турсунов
Япониянинг "J2" лигаси вакили "Ренофа Ямагучи" аъзосига айланган терма жамоамиз ҳимоячиси Достон Турсунов клуби 17 февраль куни "Серезо Осака" жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди. Учрашув "Ренофа Ямагучи" жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Турсунов мазкур учрашувнинг 82-дақиқасида захирага олинди.

Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan