Болалар футболи. "ЎФА Кубоги" мусобақаси ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди

  • ЎФА
  • 12-02-2019
  • 392
Ўзбекистон футбол ассосациацияси томонидан мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш ва уни оммавийлаштириш мақсадида кўплаб мусобақалар, фестиваллар ва турнирлар  ўтказиб келинмоқда. 
 
Жумладан, ЎФА ҳамда Халқ таълим Вазирлиги ўртасидаги имзоланган Меморандумга асосан  умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида мини-футбол (футзал) бўйича “ЎФА КУБОГИ” мусобақаси ташкил этилди. Мазкур мусобақа 5 босқичда ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунга келиб мусобақанинг 4та босқичи ўз ниҳоясига етган. Ўтказилган 4та босқич давомида жами 130 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар мусобақаларга жалб қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
 
Бугун 12 февраль куни пойтахтимиздаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида "ЎФА Кубоги" финал учрашуви бўлиб ўтди. Финалда Қашқадарё ва Тошкент шаҳри жамоалари ўзаро куч синашишди. Муросасиз кечган баҳснинг асосий вақти 4:4 ҳисобидаги дуранг билан якунига етди. Навбат пенальтилар сериясига етди. Пенальтилар сериясида омад Тошкент шаҳри жамоасига кулиб боқди. 
 
Финал ўйинидан кейин мусобақа ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тақдирлаш маросимида ЎФА ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари қатнашишди. 
 
"ЎФА Кубоги" бронза медали соҳиблари Наманган ва Навоий вилояти жамоаси аъзоларига планшет ва рюкзаклар тақдим қилинди. 2-ўринни эгаллаган Қашқадарё жамоаси футболчилари кумуш медал ва велосипедлар билан тақдирланди. Биринчи ўрин эгалари Тошкент шаҳри жамоаси аъзоларига Кубок, олтин медаллар ва PlayStation 4 совға қилинди. Шунингдек, мусобақанинг энг яхши ўйинчиси, дарвозабони ва тўпурари алоҳида совринлар билан тақдирланди.















Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan