Роберто Карлос ЎФА майдонида болажонлар учун мастер-класс намойиш қилди

  • ЎФА
  • 28-01-2019
  • 664
 
Жаҳон футболи юлдузи Роберто Карлос пойтахтимизга ташриф буюргани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. "Реал" клубининг собиқ аъзоси дастлаб ЎФА раҳбарияти билан учрашди. Унга миллий чопонимиз ва дўппимиз совға қилинди. 
 
Шундан сўнг, бразилиялик жаҳон чемпиони  ёш футболчилар учун ЎФА майдонида ташкил этилган мастер-классда иштирок этди. У турли футбол мактабларидан келган болажонлар учун маҳорат дарсларини намойиш қилди. Кейин шу ернинг ўзида фахрий футболчилар иштирокида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Унда Азамат Абдураимов, Виктор Карпенко, Зайниддин Тожиев, Элдор Магдеев, Баҳодир Аҳмедов, Александр Хвостунов, Алексей Рощин, Рустам Умаров, Шуҳрат Мақсудов каби футболчилардан ташкил топган "Пахтакор" ва Ўзбекистон терма жамоасининг фахрийлари иштирок этишди. Роберто Карлос ҳар иккала жамоа таркибида битта таймдан майдонда тўп сурди. Учрашув Ўзбекистон терма жамоаси фахрийларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. Карлос голлардан бирига муаллифлик қилганини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. 
 
Шундан кейин Роберто Карлос Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби бўлган болажонлар ва бошқа футбол мактаблари тарбияланувчиларига турли совғалар тақдим қилди. 







 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan