ЎФА ва ПФЛ коррупцияга қарши! ПФЛ Спорт бўлими ходими таъмагирлик қилгани учун қўлга олинди

  • ЎФА
  • 18-01-2019
  • 2338
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси ўзбек футболида коррупция, порахўрлик ва таъмагирлик каби иллатларни йўқотиш ва уларга қарши курашиш йўлида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Мана шундай ноқонуний ҳаракатлар билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига топшириш мақсадида мунтазам равишда текширув ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай текширув ишлари натижасида ПФЛ Спорт бўлими мутахассиси Родион Кондратьев таъмагирлик билан шуғулланаётгани маълум бўлди.

У Бухоро вилояти Ғиждувон тумани "Иттифоқ" жамоасини Про-лиганинг "В" лигасида иштирок этиши учун лицензиялашдан ўтказиб бериш эвазига 2 500 АҚШ доллари миқдорида пора сўраган. Бу ҳақида хабар топган ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси Тошкент шаҳар прокуратурасининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш департаменти билан ҳамкорликда махсус тадбир ўтказди. Ана шу тадбир натижасида бугун Родион Кондратьев Ўзбекистон Давлат Косерваториясининг ёнида 1 500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда. 

Эндиликда Родион Кондратьев ўз қилмиши учун қонунда белгиланган тартибда жавогарликка тортилади. Шунингдек, Родион Кондратьев билан биргаликда мана шундай таъмагарликка қўл урган жиноий шериклари ҳам қонун олдида жавоб беради.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу ҳолат мана шундай нопок мақсадларни кўзлаб юрган бошқа шахсларга ҳам ибрат бўлишига умид билдириб, кимки порахўрлик, таъмагирлик каби иллатлар орқали ўзбек футболи ривожига тўсқинлик қилишга уринадиган бўлса, қонунда белгиланган қатъий жазога тортилиши бўйича огоҳлантиради.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan