Осиё Кубоги кундалиги, 10 кун: Бегона юртдаги Ватаннинг бир бўлаги!

  • ЎФА
  • 12-01-2019
  • 956
Ўзбекистон миллий терма жамоасини бугун машғулотдан кейин ажойиб тадбир кутиб турганди. Ватандан узоқда юриб, юрт соғинчини ҳис қилаётган футболчилар учун бугун бегона мамлакатда Ватаннинг бир бўлаги яратиб берилди!
 
"Crowne Plaza" меҳмонхонасида футболчилар учун ўзбекона тадбир ташкил этилди. Ўзбекча қўшиқлар, миллий таомлар, Ватандан ташриф буюрган меҳмонлар қуршовидаги кеча - буларнинг барчаси терма жамоамиз аъзоларининг кайфиятини, руҳиятини кўтариш ва уларни янги ғалабалар сари ундаш учун ташкил қилинди. 
 
Бизга ОФК томонидан бириктирлган Мейса хоним ҳам четда қолмади. У биринчидан миллий таомимиз бўлган ошдан татиб кўрди, кейин эса унга адрасдан тикилган миллий либосимиз совға қилинди. Мейсани қувончини кўрсангиз эди!
 
Нарса харид қилиш учун дўконга кирганимда ҳам қизиқарли воқеа рўй берди. Устимдаги либосда ЎФА логотипини кўрган бир сотувчи йигит "O Uzbekistan!" деб бақириб қолди. У билан бир оз суҳбатлашиб қолдим.
 
"Ўзбекистон терма жамоаси менга жуда ёқади. Сизлар ажойиб жамоага эгасиз. Бунинг устига Эктор Купер каби зўр мураббий келди Сизларга. Энди ютмасангиз бўлмайди!" Ғирт бегона инсоннинг бу гаплари мени тўлқинлантириб юборди. Олдинлари шунга ўхшаш воқеаларни ўқисам, муаллиф ўзидан қўшиб ёзяпти деб бир оз энсам қотарди. Ўзим шундай воқеага дуч келганимдан кейин ишонч ҳосил қилдим: Миллий терма жамоамизни нафақат ўзбекистонлик мухлислар, балки бошқа мамлакатдагилар ҳам қўллаб-қувватлашади!
 
Энди терма жамоамиз олдидаги масъулият янада юқори. Нафақат ўзбекистонлик мухлислар учун, балки бошқа мамлакатларда яшаб, терма жамоамизни қўллаб-қувватлаб турган ишқибозлар учун ҳам ўйнаш керак! Ўйнаганда ҳам юракдан, астойдил, майдонда борини бериб тўп суриш зарур! 
 
Биз бир жамоамиз! 
 
Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Дубай, БАА
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan