Ўзбекистон МТЖ аъзолари учун Дубайда ўзбекона тадбир ташкил этилди

  • ЎФА
  • 11-01-2019
  • 1377
 
Бугун Ўзбекистон МТЖ аъзолари Дубай шаҳрида навбатдаги машғулотни ўтказишди. Машғулотдан кейин футболчилар учун "Crowne Plaza" меҳмонхонасида ўзбекона тадбир ташкил этилди.
 
Тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ЎФА мутасаддилари ва Осиё Кубогини ёритиш учун Ўзбекистондан ташриф буюрган ОАВ ходимлари иштирок этишди. Умид Аҳмаджонов футболчилар билан учрашув чоғида уларга Уммонга қарши ўйинда қозонилган ғалаба учун миннатдорчилик билдириб, бу ёғига ҳам бўшашмасдан ҳаракат қилиш кераклигини, бутун ўзбек халқи терма жамоамиздан ғалабалар кутаётганини айтиб ўтди. Шундан сўнг миллий терма жамоамиз устози Эктор Купер ОФК томонидан тақдим қилинган Осиё Кубоги бош соврини сувенирини Умид Аҳмаджоновга топширди. ЎФА 1-вице-президенти ушбу Кубокнинг ҳақиқийсини Тошкентга олиб бориш миллий терма жамоамизга насиб қилишини тилади.

Тадбирга йиғилганларга ЎФА Матбуот хизмати томонидан тайёрланган футболчиларимизнинг руҳиятини кўтарадиган  видео намойиш қилинди. 
Кейин эса эстрадимиз юлдузлари Жаҳонгир Фозилжонов, Қиличбек Мадалиев ва Шуҳрат Воҳидов каби санъаткорлар ўз куй қўшиқлари билан йиғилганлар хуш кайфият бахш этишди.

Тадбир сўнггида эса футболчи, мураббий ва ОАВ ходимларига ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланган ўзбек таомлари шоҳи - палов тортилди.
Бу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад юртдан узоқда бўлган футболчиларнинг Ватанга бўлган соғинчларини бир оз бўлсада камайтириш, муҳим ўйин олдидан уларнинг кайфиятини кўтариш, бир оила сифатида жипслаштириш ва келгуси ғалабалар сари руҳлантиришдан иборат.




Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan