Осиё Кубоги кубоги кундалиги, 8-кун: Матч дей! 

  • ЎФА
  • 10-01-2019
  • 647
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун ажойиб ғалабага эришди. Қийин, лекин муҳим ғалаба! Ҳиссиётларни сўз билан таърифлаш қийин.

 Таассурортлар бир олам.  Қайси биридан бошлаб, қайси биридан тугатишни билмай турибман.  Матч дей, яъни ўйин кунига тайёргарлик ярим кечасидан бошланди.

Бош мураббий ёрдамчиси Маҳмуд Фаёз билан терма жамоа оператори Жамолиддин Солиҳов футболчилар яшайдиган хоналарга мана бундай ажойиб суратларни илиб чиқишди.





Ҳар бир футболчининг гол киритган ёки ғалаба қозонган пайтдаги ҳиссиётлари акс этган суратлар. Шунингдек, ғалабага чорловчи шиорлар ҳам ёзилганди бу суратларда. Футболчилар эрталаб уйғониб, хонадан чиқишганида бу суратларни кўриб, қанчалик руҳланишганини айтмаса ҳам бўлади. Бу улар учун ёқимли сюрприз бўлди!

Ўйин ҳақида гапириб ўтирмайман. Ўйинни барча кўрди. Шунингдек, учрашувдаги хато ва камчиликларимизниям. Буни мураббийлар  эртага таҳлил қилиб чиқишади. Мен стадиондаги муҳит ҳақида гапириб бермоқчиман. Муҳит аъло даражада эди. Терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун жуда кўплаб мухлислар ташриф буюришди. Ўйиндан олдинги чигалёзди машғулотлар пайтида Ҳусниддин Холиқов ижросидаги “Ўзбекистон” қўшиғи эса футболчиларнинг руҳитяини янада кўтаргани аниқ.

Биз терма жамоа расмийлари билан бизга ажратилган трибунада учрашувни томоша қилдик. Одил ва Элдорнинг голи пайтди қанчалик бақирганимизни тасаввур қилиш қийин. Томоқларимиз бўғилиб қолди. Меҳмонхонага аъло кайфиятда қайтдик. Кўплаб мухлислар меҳмонхонамиз атрофида йиғилиб, футболчиларни кутиб туришган экан. Улар автобусдан тушаётган миллий терма жамоа аъзоларини роса олқишлашди. Мухлисларга катта раҳмат! Бугунги ғалабада уларнинг ҳам ҳиссаси бор. Жуда катта ҳиссаси бор.

Кечки таом пайтида бугун таваллуд кунларини нишонлаётган Икром Алибоев ва терма жамоа шифокори Аброр Пирриевни бутун жамоа табриклади. Ўз туғилган кунингда терма жамоа ғалабасидан кўра ёқимлироқ совға бўлмаса керак!

Кундалигим охирида терма жамоамиз посбони Нестеров ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Игнатийни яқиндан билганлар унинг тортинчоқ ва камгап эканини яхши билишади. Лекин бугунги ғалабадан кейин дарвозабонимиз анча қувноқ ва ҳазилкаш инсонга айланди. ОФК вакиллари ундан интервью олишаётганда чин дилдан гапирди. “Бу менинг охирги Осиё Кубогим, ғалаба учун боримни беришга ҳаракат қиламан”, деди.

Интервьюдан кейин Нестеровни допинг-тестга таклиф қилишди. Бу оддий жараён бўлиб, мусобақа ташкилотчилари ҳар бир ўйиндан кейин қуръа ташлаш орқали қайси футболчи допинг текширувдан ўтишини аниқлашади. Бу сафарги текширув Нестеров чекига тушди. “Бу 5-Осиё Кубогида қатнашяпти, бунда бир гап бор деб, энди ҳар бир ўйиндан кейин мендан допинг-тест олаверар экансизлар-да”, - деб ҳазиллашиб қўйди Нестеров ОФК мутасаддилари билан.

Эртага Дубайга кўчиб ўтамиз. У ерда Туркманистонга қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз. Жуда ҳам муҳим ўйин. Ғалаба бизга кейинги босқич эшикларини очади. Бошқа натижани эса ўйлагимиз ҳам келмаяпти.

Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Шаржа, БАА
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan