Осиё Кубоги кундалиги, 7-кун: Қадаминг қутлуғ келсин!

  • ЎФА
  • 08-01-2019
  • 1534
Бугунги кун воқеларга бой бўлди. Уммонга қарши ўйин олдидан комиссар ва бошқа расмийлар иштирокида митинг бўлиб ўтди. Уммон терма жамоаси делегацияси ҳам JAKO компанияси либосларидан фойдаланишаркан. Ҳаммамиз митингда бир хил бўлиб ўтирдик. Расмий тадбирдан кейин матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманга анчагина журналист йиғилди. Ўзбекистондан келган ҳамкасбларимиздан ташқари маҳаллий ОАВ вакиллари ва уммонлик журналистлар. 

Купер Ўзбекистон МТЖ Осиё Кубогига тайёр эканини маълум қилди. Ҳа, биз тайёрмиз! Ғалаба қозонишга тайёрмиз!

Ўйинолди расмий машғулот енгил тарзда ўтди. Учрашувдан бир кун аввал футболчиларга оғир юкламалар берилмайди. ОФК вакилларининг ўз ишига муносабат бўйича баъзи ҳаракатлари ҳафсалани “пир” қилганини айтмаса, қолган ҳаммаси яхши ўтди.  Айтмоқчи бўлганим, баъзи масалаларда ОФК расмийларига савол берсак, битта мутасадди рухсат берган ҳаракатни бошқаси таъқиқлаб қўйди. Ўзаро узвийлик йўқ ОФКни ўзида. Майли, муҳими биз ўз ишимизни профессионал тарзда бажарсак бўлгани. 

Машғулотдан сўнг меҳмонхонага қайтганимизда, бизни ўзбек миллий таомларидан тайёрланган кечки овқат кутиб турган экан.



ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига кўра ўзбек таомларини соғинган футболчи ва делегация аъзолари учун махсус тайёрланибди. Табиийки, футболчилар таомлардан кўп ейишгани йўқ. Озгина татиб кўриб, бир оз бўлсада Ватан соғинчини камайтиришди. Улар ҳақиқий профессионаллар каби қачон қанча миқдорда овқат  ейиш кераклигини яхши билишади. Муҳими, қатъий таомланиш тартибига риоя қилишади. Аввалги йиғинлар вақтидаёқ бунга ишонч ҳосил қилгандим ва бир оз бўлса-да ҳайратлангандим. Чунки мухлислар орасида бизнинг футболчилар тартибсиз ҳаёт тарзини кечиради деган нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Асло ундай эмас! 



Кечки таом пайтида бугун таваллуд кунини нишонлаётган Санжар Қувватовни бутун жамоа аъзолари номидан ЎФА мутасаддилари табриклаб, унга торт тақдим қилишди. Шунингдек, шу пайтни ўзида яна бир ажойиб хушхабар янгради: миллий терма жамоа ҳимоячиси Даврон Ҳошимов бугун фарзандли бўлибди.  Қадами қутлуғ келсин! Эртага терма жамоа футболчилари Уммон дарвозасига гол киритадиган бўлишса, уни қандай нишонлашлари энди аниқ! 
 
Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Шаржа, БАА
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan