Осиё Кубоги кундалиги, 6-кун: "Очень раҳмат!"

  • ЎФА
  • 07-01-2019
  • 1885
Бугунги кун ҳам сенсацион натижа билан бошланишига бир баҳя қолди. Қўшниларимиз Хитойга қарши ўйинда ҳисобни очишганди, аммо бир оз тажриба етишмади, шекилли, якунда мағлубиятга учрашди.

Дебютант терма жамоа учун ёмон дебют эмас. Мусобақада қўшниларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. 

Жанубий Корея қийналиб Филиппинни ютди. Ўша бизга қарши Австралияда ўртоқлик ўйини ўтказган Жанубий Корея. Бу Осиё Кубоги "ғалати" бошланди. Хайрулла аканинг айтишлари бўйича бундай "ғалати" натижаларнинг боиси илк ўйиндаги ҳаяжон ва шунга ўхшаш ҳолатлар. "2-турдан бошлаб ҳаммаси жойига тушса керак", - деб қўшиб қўйдилар. Кўрамиз, вақт олий ҳакам. Биз ҳозир фақат биринчи ўйинни ўйлаяпмиз. Қаршимизда "сирли" Уммон "ястаниб ётибди". Уни "Минг бир кеча"даги моҳир денгизчи Синбад каби "жиловлашимиз" керак. 

Бугун Осиё Кубогида ишлаш учун Ўзбекистондан бир қатор таниқли журналистлар ташриф буюришди. Хайрулла ака билан улар жойлашган меҳмонхонага бориб, ОАВ вакиллари билан учрашдик. Ҳол-аҳвол сўрадик ва эртанги матбуот анжумани ҳамда машғулотларга уларнинг ташрифи бўйича гаплашиб олдик. Хайрулла ака ҳамкасбларни анча соғинган эканлар, улар билан ёзилиб  дилдан суҳбатлашиб олиш учун ўша ерда қолишга қарор қилдилар. Мен эса баъзи ишларни якунига етказиш мақсадида яна терма жамоамиз аъзолари жойлашган меҳмонхонага қайтиб келдим.

 

Эртага бир қатор муҳим тадбирлар бор. Комиссар иштирокидаги умумий митинг, терма жамоа шифокорлари учун алоҳида митинг, матбуот анжумани ва ўйинолди машғулот. Барчасига улгуриш керак. Барчасини юқори савияда ўтказиш зарур.

Дарвоқе, бугунги машғулотлар одатдагидек ўтди. Енгил машқлардан кейин асосий эътибор кичик ҳажмдаги дарвозага гол киритишга қаратилди. Кейин футболчилар икки гуруҳга бўлиниб, футбол ўйнашди. Эътиборлиси умумий машғулот якунига етгандан кейин дарвозабонлар қолиб, Денис Иванков бошчилигида машғулотларни давом эттиришди. Бугун ҳам маҳаллий ОАВ вакиллари машғулотга келишди. "Шаржа" клуби матбуот хизматидан келган журналист Отабек Шукуровдан интервью олмоқчи бўлди. Қизиғи, бу пайтда аллақачон машғулот бошланиб бўлганди. "Шаржа" вакили эса Отабек Шукуров машғулотни тўхтатиб туриб, 10 дақиқа вақтини интервьюга ажратишини илтимос қилди. "Профессионаллик"ни қаранг! Қайси футболчи Осиё Кубоги каби муҳим мусобақа олдидан ўтказилаётган машғулотни тўхтатиб туриб, интервью беради?! 
 
Машғулот тугагунча кутиб туришни унга мулойимлик билан тушунтиргандик, вақти зиқроқ экан шекилли, кетиб қолди. Терма жамоамиз ёрдамчи мураббийи Маҳмуд Фаёзнинг ибораси билан айтадиган бўлсак: "Очень раҳмат!"
 
Машғулотдан сўнг музли ваннада тикланиш, кейин эса кечки тановул. Бугун вақтлироқ ухлаш керак, эртага бизни муҳим ишлар кутмоқда!
 
Ёқубжон Бобожонов, ЎФА Матбуот хизмати бошлиғи
Шаржа, БАА
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan