Умид Аҳмаджонов билан интервью: Суперлигадаги тажрибалар, кейинги мавсум учун режалар ва клубларнинг хусусийлаштирилиши ҳақида

  • ЎФА
  • 01-12-2018
  • 640
30 ноябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати, биринчи марта формати янгиланган ҳолда ўтказилган Суперлига якунланди. Kun.uz Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан интервью уюштирди.
 
— Ўзбекистон футбол мамлакати. Бизда футбол клублари жуда кўп. Масалан, Марказий Осиё мамлакатлари билан таққослаганда, бизда клублар сони ҳам, футболга бўлган қизиқиш ҳам сезиларли даражада юқори. Жамоалар сони жуда кўп бўлган мамлакатнинг юқори дивизионида 12тагина жамоа бўлиши мантиқсизлик эмасми?
 
— Йўқ, мантиқсизлик эмас. Масалан, Қозоғистонда футбол клублари сони камроқ бўлса-да, уларнинг бюджети бизнинг клубларникидан каттароқ бўлиши мумкин, тўғрими? Биз футболчилар ва шу соҳага эътибор жиҳатидан олиб қараганда, Марказий Осиёнинг энг олди мамлакатимиз. Шунинг учун ҳам фақат сонга эмас, сифатга эътибор беришни тўғрироқ билдик. Қуйидан юқорига қараб қайси жамоалар интилди? «Андижон», «Машъал», «Истиқлол», «Сурхон», боринг ана, «Динамо» ҳам. Энди уларни ҳам Суперлигага олсак, Про-лигада кимлар рақобат ҳосил қилади? Қуйи лигада рақобат бўлмаса ва Суперлига клублари уларни исталган вақтда алмаштириши мумкин бўлган клублар пастда тайёрлигини ҳис қилмаса, қандай қилиб ривожланади?
 
Кейин, футбол мамлакати сифатида баҳоланса, Англияю Испанияда 20тадан жамоалар ўйнайди, ўйинлар сифати юксак. Шу ўлчов билан олганимизда, бизнинг даражамизда 12та жамоа Суперлигада иштирок этиши у қадар паст натижа эмас. Форматни ўзгартирганимиз қизиқтириш, футболимизга янги қон олиб кириш учун қилинган иш эди. Чунки қотиб қолган футболимизни нимадир қилиб уйғотмаса бўлмасди.
 
— ЎФА мавсум бошида Суперлигада иштирок этувчи жамоаларнинг 25 миллиард сўмдан пули бўлиши кераклигини маълум қилганди. Лекин мавсум ўртасига келиб «Бухоро» клуби футболчиларининг маошларини тўлолмай қолди. Бундан келиб чиқадики, «Бухоро» 25 милиард сўм пули бўлмай туриб Суперлигада қатнашишга рухсат олган, тўғрими? Ёки клубдагилар ярим мавсумдаёқ 25 миллиард сўмни ишлатиб қўйишганми?
 
— Бир жиҳатни тушунинг, агар 25 миллиард пули бўлмаган жамоани Суперлигада ўйнатмасак, унда фақатгина 2та клуб қолиши мумкин. Одатда ҳомийлар нормал футбол клубининг йиллик сметаси қанча бўлиши керак деган саволни ўртага ташлайди. 25 миллиард айнан улар учун қаратилган. Суперлигада иштирок этадиган ва ўз олдига бирор мақсад қўядиган клубнинг йиллик сметаси шу суммадан кам бўлмаслиги керак аслида. Бироқ биз давлат ташкилотларни мажбурлаб, улардан пул ундириб берадиган ташкилот эмасмиз, биз маслаҳат берамиз, тавсия берамиз. Унга қулоқ солинмаган тақдирда эса клублар картотекадан чиқа олмайди ёки ўз олдига бирор мақсад қўя олмайди.
 
Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Кимдир шу 25 миллиардни ҳам самарали ишлата олмайди, келажакка пойдевор қўймайди, балки бир йилдаёқ еб битиради. Яна кимдир эса 20 миллиард билан ҳам анча самарали ишлай олади. Бу энди клубларни бошқараётган раҳбарларга боғлиқ масала.
 
— ПФЛ мавсум аввалида «Динамо» ва «Машъал» каби жамоаларга стадионларидаги шароитлар яхши эмаслигини айтиб, Суперлигада қатнашишга рухсат бермади. Мавсум давомида эса Суперлигада иштирок этишга рухсат олган бир қатор жамоаларнинг стадионларида табло, майдон, электр тизими билан боғлиқ муаммолар борлиги кўриниб қолди. Бу ҳолатлар турган гапки самарқандлик ва мубораклик мухлисларни норози қилгани табиий. Нега уларга айрича муносабатда бўлинди?
 
— Лицензиялаш талабида фақатгина майдон эмас, бошқа жиҳатлар ҳам бор. Клубларнинг ўзида Суперлигада ўйнаш учун хоҳиш, имконият бўлиши керак. Бу йил ўша хоҳиш нисбатан «Машъал»да кўринмоқда, бироқ «Динамо» Про-лигадаги рақобатда ҳам ютиб чиқа олмади. Келаси мавсум учун талабларда катта фарқ йўқ, бироқ жамоалар билишсинки, ижро қаттиқ бўлади. Бу сафар ҳам шунчаки қутулиб қоламан деб ўйлаган клуб Суперлигада ўйнамайди. Энди ҳеч кимни аяш йўқ. Президентимиз бошида айтганларидек, футболни ёки кўтариш керак ёки йўқ қилиш. Биз уни кўтармоқчимиз, мақсади бошқачароқ бўлганларга эса орамизда жой йўқ.
 
— ПФЛ айни дамда фақат учта жамоанинг майдони талаб даражасида эканини маълум қилди. Демак, қолган 9 жамоа бутун мавсум давомида талаб даражасида бўлмаган майдонда ўйнаб келган. ПФЛ майдони талабга жавоб бермаган жамоаларни қандай қилиб лицензиядан ўтказган? Ёки талаблар ўзгариб қолдими?
 
— Сизга мисол келтираман. Йил бошида АГМК стадионининг майдони зўр ҳолатда эди. Кейин эса унинг майсалари сарғайиб кетди. Кимдир йўқни бор қилиб кўрсатади, кимдир борни йўқ қилади. Нега «Насаф», «Пахтакор», «Локомотив» стадионларининг ҳолати ўзгармайди, чунки уларда стадион майдонига жавоб берувчи алоҳида персоналлар бор. 2018 йилги мавсум шу хулосага сабаб бўлди, энди ПФЛ мана шундай штатларни ҳам талаб қилиши керак экан. Келаси йилдан бундай ишчилар ҳар бир стадионда бўлиши керак. Йўқса йил бошида бинойидек кўринган стадионлар, кузга келиб қараб бўлмайдиган аҳволда қоляпти.
 
— Ўтган мавсумда Иккинчи лига ғолиблари ўртасида Биринчи Лигага чиқиш ўйинлари (яъни пулка) ўтказилмади. Айтингчи, ўз лигасида ғалаба қозонган тақдирда ҳам барибир юқори дивизионга кўтарила олмаслигини билган жамоа мавсум аввалида ўз олдига қандай мақсад қўйиши мумкин? Айнан мана шу жиҳатдан ПФЛда тартиб йўқолиб қолмадими?
 
— Мақсад қўйишни ҳамма билади. Бироқ мақсад қўяётган томон, мен шунга ўзи тайёрманми, деб савол бериб кўриши керакми? Бу йил Про-лига нега икки тенг бўлмаган гуруҳга ажратилганди, деб ўйлайсиз? Менга шундай таклиф беришаётганда, 2019 йилги мавсумнинг эҳтимолий режаси билан ҳам таништиришганди. 2018 йилги мавсум кўрсатдики, ўшандаги фаразлар тўғри чиқди. Б гуруҳда ўйнаган жамоаларнинг кўпчилиги ҳатто Про-лигага ҳам мос эмас. Айнан ўшалар 2-лига савиясидаги клублардан, бундайлар ҳатто А гуруҳда ҳам кўриниб қолди.
 
Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда Б планга ўтамиз. Энди Про-лигада фақатгина Суперлига талабига ҳам жавоб беришга қодир бўлган клубларни қолдирамиз. Про Б лига эса мутлақо алоҳида лигага айланади. Унинг клублари мақсад қўйишдан олдин ўзини кўзгуда кўради, ҳавас қилади, ишлайди, интилади, инфраструктура қилади, ундан кейин Про А лига ҳақида орзу қилади, Суперлига ҳақида ҳозирча ўйламайди ҳам.
 
 
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan