Тошкентда ФИФА ва ОФКнинг тиббиёт мавзусидаги семинари бошланди

  • ЎФА
  • 09-10-2018
  • 128
ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ФИФА ва ОФК раҳбарияти билан учрашув чоғида юртимиздаги футбол клублари шифокорларининг малакасини ошириш мақсадида, Тошкентда тиббиёт мавзусида турли семинарлар ташкил этиш бўйича келишувга эришган эди. Ана шу келишувга кўра  бугун 9 октябрь куни пойтахтимизда ФИФА ва ОФКнинг тиббиёт мавзусидаги семинари бошланди.
 
Семинарни ўтказишдан асосий мақсад юртимиздаги футбол клубларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг малакасини ошириш, уларнинг профессионал даражаларини юксалтиришдан иборат. Маълумки, Суперлига клубларида фаолият олиб бораётган футболчилар тиғиз тақвим сабаб қўп ўйин ўтказишмоқда. Бундай ҳолатларга футболчилар организмини тайёрлаш, катта юкламалардан кейин уларнинг тикланиш жараёнини тезлаштириш учун зарур бўладиган чоралар ҳақида ФИФА ҳамда ОФКдан ташриф буюрган мутахассислар томонидан қатнашчиларга маълумотлар берилмоқда. 
 
Шунингдек, семинар давомида  футболда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда антидопинг мавзусида назарий билимлар берилиб, амалий машғулотлар ҳам ўтказилади.
 
Семинарда Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA)га аъзо давлатлар яъни, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Эрон ҳамда Ўзбекистоннинг футбол клубларидан вакиллар иштирок этишмоқда. Семинар “Миллий” стадионнинг анжуманлар залида бўлиб ўтмоқда.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan