ЎФА томонидан ҳудудлардаги футбол мураббийлари билимлари қайтадан синовдан ўтказилмоқда

  • ЎФА
  • 09-10-2018
  • 183
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳудудлардаги футбол бўйича мураббийлар касбий маҳоратини ошириш мақсадида белгиланган режа асосида улар ўртасида ўқув семинарлари ташкил қилингани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Семинар давомида ҳар бир вилоятдаги футбол мураббийлари ўртасида назарий ва амалий машғулотлар олиб борилди. Уларнинг касбий маҳорати синовдан ўтказилди. 
 
Имтиҳон давомида мураббийларнинг машғулотлар олиб боришга қандай тайёргарлик кўрганликлари, конспект ёзиш, майдонни машғулотга тайёрлаш, машғулот давомида болаларга кўрсатмалар бериб бориш усуллари, мураббийнинг машғулот давомида ўзини тутиши, футболчиларнинг машғулотдаги хатоларини аниқлаш, кўрсатиб бориш ва ўша хатоларни тўғирлаш борасида амалга оширадиган хатти-ҳаракатлари текширилди. Шунингдек, мураббийларнинг машғулот пайтида болаларни назорат қилиб бориш учун позиция танлашдаги билим ва кўникмалари ҳамда машғулот давомидаги фаоллиги кўздан кечирилди.
 
Жами 1500 нафардан ортиқ мураббийлардан имтиҳонлар олинган бўлса, шулардан 400га яқин мураббийларга икки ой синов муддати берилганди. Белгиланган режа асосида, икки ойлик муддатдан сўнг улардан қайтадан имтиҳон олиш жараёни бошланди. Жумладан, Қарши шаҳрида мураббийлар билимлари қайтадан синовдан ўтказилмоқда. Имтиҳон 10 октябрга қадар давом этади. Имтиҳондан ўта олмаган мураббийлар лицензиядан маҳрум қилинади.  





Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan