Тошкентда Осиё футбол конфедерацияси Ижроқўмининг навбатдаги йиғилиши бошланди

  • ОФК
  • 26-09-2018
  • 190
Олдинроқ хабар берганимиздек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Осиё футбол конфедерацияси Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа Жаҳон чемпионати-2018 вақтидаги учрашувлари чоғида ОФК Ижроқўмининг навбатдаги йиғилишини Тошкентда ўтказиш учун келишиб олишган эди.
 
Бугун соат 15:00да пойтахтимиздаги “International” меҳмонхонасида ОФК Ижроқўмининг йиғилиши бошланди. Уни ОФК Президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа очиб берди. Сўнгра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти Умид Аҳмаджонов сўзга чиқиб, Ижроқўм йиғилиши қатнашчиларини юртимизда кўриб турганидан мамнун эканини билдирди.
 
Умид Аҳмаджонов Ижроия қўмитасининг йиғилиши тарихда илк марта Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ҳақиқатан ҳам ўзбек футболи учун тарихий воқелик эканини таъкидлаб, бунинг учун Осиё футбол конфедерацияси Президенти жаноб Шайх Салмон бин Иброҳим ал Ҳалифага алоҳида миннатдорчилик изҳор қилди ва йиғилишда қабул қилинган қарорлар Осиё футболи ривожига катта таъсир кўрсатишига ишонишини билдирди.
 
Шундан сўнг ОФК Ижроқўмининг навбатдаги йиғилиши ўз ишини бошлади.



Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan