ЎФА Мактабгача  таълим вазирлиги билан меморандум имзолади

  • ЎФА
  • 12-09-2018
  • 205
Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда болалар футболини ривожлантириш, ёш авлод ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг бошида Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов томонидан 2018 йилда болалар ўртасида 1000та мусобақа ўтказиш бўйича топшириқ берилган эди. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. 

Ушбу меморандумнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

- республикамиздаги барча мактабгача таълим муассасаларида оммавий спорт турларидан бири бўлган футболни ривожлантириш, оммалаштириш, 
- жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш, уларни қўллаб-қувватлаш орқали улкан ютуқларга йўналтириш ишларини амалга ошириш, 
- турли спорт ва футбол мусобақаларини ташкил этиш,  
- футболни тарғиб этувчи туркум, ички ва халқаро тадбирлар, давра суҳбатлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш.

Юқорида қайд этилганлар ушбу меморандумнинг асосий мақсадлари ҳисобланиб, бундан ташқари ҳар икки томонга алоҳида мажбуриятлар юклатилган. Унга кўра Ўзбекистон футбол ассоциациясининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

 - Мактабгача таълим вазирлиги тизимидаги мактабгача таълим муассасаларида жисмоний тарбия ва спорт инструкторларининг футбол бўйича умумий асосларда билимларини ошириш мақсадида республика ва вилоятлар миқёсида махсус курслар ташкил этиш;
- футбол мусобақаларини сифатли ўтказилиши юзасидан амалий кўмак (спорт буюмлари, совға-саломлар, ОАВда ёритиш ва ҳ.к.) бериш;
- бепул футбол тўгараклари ва гуруҳлари ташкил этиш орқали ижтимоий ҳимояга  муҳтож қатлам фарзандларини ҳам спортга ошно қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг мажбуриятлари:
- вазирлик тизимидаги мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактабгача таълим муассасаларида футболни ва соғлом турмуш тарзини оммавий тарзда тарғиб қилиш;
- тузилажак бепул футбол тўгараклари ва гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйишда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатиш;
- футбол ривожи учун таълим муассасаларида лозим бўлган шарт-шароитларни яратишда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;
- ўз нашрлари ва веб-сайтлари орқали болалар ўртасида ўтказилаётган футбол мусобақаларини кенг тарғиб қилиш.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan