ЎФА вакиллари Россия футбол Иттифоқида тажриба ўрганишди

  • ЎФА
  • 11-09-2018
  • 214
 
ЎФАнинг бир гуруҳ вакиллари Дилшод Саидмуродов, Жўрабек Сабдаров ва Санъат Шарипов Россияда хизмат сафарида бўлиб келгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Улар Россия футбол Иттифоқи президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Денис Рогачев билан учрашув ўтказишди. 

Учрашувдан асосан 2 та мақсад кўзланган эди. РФИнинг ҳуқуқий бўлимлари фаолияти муҳокама қилиш ҳамда ўрганилаётган тажрибалар асосида Ўзбекистонда ҳам ФИФА талабларига мос ҳолда ишлайдиган қуйидаги ҳуқуқий бўлимларни яратиш:

- Тортишувларни ҳал этиш палатаси
- Аппеляция қўмитаси
- Футболчининг мавқеи бўйича қўмита
- Агентлар бўйича қўмита

Биргина "Тортишувларни ҳал этиш" палатасида 22та одам ишласа қолган бўлимларда ҳам 7 кишидан 25 кишигача ходим меҳнат қилади. Раис ва унинг ёрдамчиси, касаба уюшмаларидан 10 киши ва клублардан ҳам шунча ишчи қўмита аъзолари ҳисобланишади. Улар тез-тез йиғилиб туришади ва кўплаб масалаларни муҳокама қилишади.

Агар шикоят бериладиган бўлса, аввалига "Футболчининг мавқеи бўйича" қўмитага чиқилади, ундан сўнг Меҳнат шартномасига қаралади. Шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса иш Лозаннадаги Спорт Арбитраж судига узатилади.

Мутахассисларимиз шу йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон клубларидаги футболчилар учун махсус ҳуқуқий семинар ташкил қилиш режада борлигини айтиб, РФИдан вакилларни ушбу семинарга таклиф этишди ва бу таклиф мамнуният билан қабул қилинди.

Шундан сўнг, ЎФА вакилларини РФИ техник директори Андрей Лексаков қабул қилди. Учрашув давомида миллий терма жамоаларнинг базаси бўлган U--15, U-16 ва бошқа каттароқ ёшдаги футболчилар ўртасидаги мусобақаларни ташкил қилиш борасида қизиқиш билдиришди. Бу йилдан бошлаб Гранаткин халқаро мусобақасига Ўзбекистон вакиллари ҳам таклиф қилинадиган бўлди. Лексаков мини-футбол, пляж футболи, аёллар футболи борасида ҳам ўзаро ҳамжиҳатли мусобақалар ташкил қилишга ҳайрихоҳ эканлигини билдирди.

Ўзбекистонлик мураббийларни ўқитиш ва лизенциялар бориш борасида ҳам россиялик мутахассислар ўз ёрдамларини аямасликларини таъкидлашди ва ўзбекистонлик мураббийларнинг Россияга малака оширишларида кўмаклашишга тайёр эканликларини айтиб ўтишди.

Учрашувда Россия учун Осиё футболи қизиқ эканлиги кўп бор тилга олиниб, ушбу йўналишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик айни муддао бўлиши таъкидланди.

ЎФА вакиллари суҳбат сўнггида Россия футбол Иттифоқи ходимларига Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинини ўтказиш таклифи билан чиқдилар. Бунга жавобан РФИ вакиллари Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов билан бўлиб ўтадиган суҳбатда бу мавзуга  батафсил тўхталишга ваъда беришди.
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan