Осиё ўйинлари. Ўзбекистон ОТЖ иккинчи ўйинда Қатарни йирик ҳисобда ютиб, муддатидан аввал кейинги босқичга чиқди

  • ОФК
  • 16-08-2018
  • 744
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Осиё ўйинларидан ўрин олган иккинчи ўйинни Қатар терма жамоасига қарши ўтказди.

Ўйиндан олдин Миллий олимпия қўмитаси президенти ва ЎФА 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов футболчилар билан учрашиб, уларга омад тилади. Чиройли ўйин ва ғалаба билан Ўзбекистондаги миллионлаб футбол мухлисларини,  бутун халқни хурсанд қилиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. 



Бундан руҳланган олимпия терма жамоаси аъзолари Қатарга қарши ажойиб ўйин кўрсатиб, йирик ҳисобда ғалабага эришишди.

Учрашув тўлалигича терма жамоамиз аъзолари устунлиги остида ўтди. 37-дақиқада Забиҳулло Ўринбоев ҳисобни очган бўлса, 43-дақиқада Икром Алибоев жаримадан ажойиб гол киритиб, ҳисобни 2:0га етказди.

Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида вакилларимизнинг ғалабаси билан якунига етди.

Иккинчи бўлимни фаол бошлаган футболчиларимиз тезкор гол киритишга муваффақ бўлишди. Достон Ҳамдамов 47-дақиқада рақибни чиройли тарзда алдаб, Қатар дарвозасини ишғол қилди – 3:0. 49-дақиқада Жавоҳир Сидиқов бўш қолган дарвозага осонлик билан тўпни йўллаб ҳисобни 4:0га етказган бўлса, 53-дақиқада Жалолиддин Машарипов ўзига нисбатан ишлатилган қўполликдан сўнг пенальтидан гол киритди ва ҳисоб 5:0га етди.

76-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Бобур Абдухолиқов Қатар дарвозасига гол киритиб, якуний ҳисоб 6:0 бўлишини таъминлади. 

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекисто ОТЖ ҳали бу мусобақада ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормади.

Ушбу ғалаба Равшан Ҳайдаров шогирдларига осиё ўйинларида биринчилардан бўлиб муддатидан аввал кейинги босқич йўлланмасини тақдим қилди. Кейинги учрашувни вакилларимиз 19 август куни Таиланд терма жамоасига қарши ўтказишади.

Маълумот учун, 2010 йил Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси плей оффда Қатарга қарши баҳс олиб бориб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.

Осиё ўйинлари. Қатар ОТЖ - Ўзбекистон ОТЖ 0:6
Гол: З.Ўринбоев (37), И.Алибоев (43), Д.Ҳамдамов (47), Ж.Сидиқов (49), Ж.Машарипов (53), Б.Абдухолиқов (76)
Қатар ОТЖ: М.Бадриддин, Т.Салмон, У.Алимадий, Т.Алмуҳаза, А.Ҳесаба, М. Ал Шаммарий, Н.Ал наср,Ж.Омар, М.Фараж, А.Ал Саадий, О. Ал Аҳмад.
Ўзбекистон ОТЖ: Ботирали Эргашев, Аббос Отахонов (Дониёр Нарзуллаев, 55), Достон Турсунов, Рустам Ашурматов, Акром Комилов, Икром Алибоев, Одил Ҳамробеков, Достон Ҳамдамов, Жавоҳир Сидиқов (Жасурбек Яхшибоев, 76), Жалолиддин Машарипов, Забиҳулло Ўринбоев (Б.Абдухолиқов, 60).
Обуна бўлинг: Telegram kanalimiz: @FAUzbekistan