Free ebooks Library zlibrary project

Биласиз, карантин даврида ЎФA ҳузуридаги ҳудудий футбол ассоциациялари иш фаолиятини масофадан туриб олиб бормоқда.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча бўлинмалари қатори ҳудудий футбол ассоциациялари мутахассислари ҳам уй шароитида белгиланган вазифалар бўйича иш олиб боришяпти. Онлайн видеомулоқот орқали эса амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиб борилмоқда.

Бугун барча вилоятлар футбол ассоциацияларининг медиа ва маркетинг ходимлари учун онлайн семинар ташкил этилди.

Қайд этиш жоиз, жорий йилдан эътиборан ҳар бир ҳудудий футбол ассоциацияда медиа ва маркетинг йўналиши бўйича ҳам мутахассислар иш олиб бориши таъминланди. Бу орқали ҳар бир вилоят футболида юз бераётган воқеликлар ва спорт тадбирлари кенг ёритилишини таъминлаш, шу билан биргаликда ҳудудлардаги футбол тузилмаларининг ҳомий ташкилот ва ҳамкорлар билан яқиндан ишлашини йўлга қўйиш саналади.

Бу борада мутахассисларга ўз йўналишлари бўйича янада тўлиқроқ кўникмалар тақдим этиш, соҳадаги сўнгги янгилик ва иш услублари билан яқиндан таништириш мақсадида бугун вилоятлар футбол ассоциацияларининг медиа ва маркетинг бўлимида фаолият олиб бораётган ходимлар учун онлайн семинар ўтказилди. Унда ЎФAнинг Медиа ҳамда Маркетинг йўналиши бўйича етакчи кадрлари соҳадаги янгиликлар борасидаги ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишди. Қизиқарли суҳбат тарзида ўтган тақдимотлар давомида иштирокчилар ўз саволлари билан мурожаат қилиб боришди.

Эндиликда бу каби семинарлар мунтазам равишда ташкил этилиши йўлга қўйилади.