Free ebooks Library zlibrary project

Хабарингиз бор, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида CAFA Women’s Futsal Chempionship-2022” мусобақаси бўлиб ўтади. Мазкур турнирда Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси ҳам иштирок этади. Бу борада жамоага мутахассис Фарруҳ Закиров бош мураббий сифатида жалб этилди.

Фарруҳ Закиров футзал оламига 1997 йилда кириб келган. Фаолияти давомида «Политехник», “Турон солиқчи”, “Строител Зарафшон” ва «Ардус» каби жамоаларда тўп сурган.

2002-2008 йиллар оралиғида Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси сафида ҳаракат қилган. Баҳодир Аҳмедов, Равшан Ражабов, Абдулла Бўриев каби футзалчилар билан бир қатор мусобақаларда жамоамиз шарафини ҳимоя қилган. Кейинчалик Фарруҳ Закиров мураббийлик фаолиятини бошлаш, соҳада тажриба тўплашга эътибор қаратган. Бу борада соҳага оид махсус таълимни эгаллаган, хусусан, Level 1 ва 2 лицензиясини қўлга киритган.

Фарруҳ Закиров айни пайтда «Нефтчи» футзал клубининг бош мураббийи ҳисобланади. Жамоа 2017 йили ташкил этилган. 2018 йили «Нефтчи» мавсумни бронза медали билан якунлаган. Мазкур жамоада ҳозирда футзал миллий терма жамоамизнинг етакчиларидан бўлган Ҳусниддин Нишонов, Анасхон Раҳматов, Хушнур Эркинов каби иқтидорли футзалчилар етишиб чиққан ва фаолият олиб боришган.

Маълумот ўрнида, Фарруҳ Закиров мураббийлик билан бир қаторда маҳаллий мутахассислар учун ташкил этиладиган махсус семинарларда инструктор сифатида ҳам фаолият олиб боради.

ЎФА медиа бўлими Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси бош мураббийи Фарруҳ Закировдан жамоанинг олдига қўйган мақсадлари ва яқин келажакдаги мусобақалар хусусида бир нечта саволларга жавоб олди.

— Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоасига келишингиз қандай бўлган?

— 2019 йили CAFA томонидан У-19 аёллар футзали бўйича мусобақа бўлиб ўтганди. Ўша мусобақада илк бор терма жамоа билан ишлашимга тўғри келган. Турнир Тожикистонда ўтказилган ва унда 2-поғонани қўлга киритган эдик. Шундан кейин аёллар футзали борасида катта ишларни амалга ошириш бошланди. Хусусан, кўплаб йирик турнирлар ташкил этилиши белгиланди, унга тайёргарлик режаси ишлаб чиқилди. Бироқ пандемия ҳамма режани ўзгартириб юборди. Деярли барча мусобақалар бекор бўлди. Йиғинлар ортга сурилди. Шу сабабли мазкур жамоани йиғиш борасидаги ишларимиз бироз кечикди.

Юқорида айтиб ўтганимдек, кейинги йилларда аёллар спорти, айниқса футбол ва футзалга эътибор кучайди. Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоасининг бош мураббийлигига номзод сифатида тасдиқландим. Катта мақсад ва режалар билан жамоа тузиш бошланди. Мураббийлар штабига бир қанча тажрибали ва номдор мутахассислар, хусусан, Рустам Умаров ва Тўйчибой Бердиевлар жалб этилди. Шунингдек, катта футболда ва футзалда ном қозонган Камола Усмонова ҳам бизга ёрдам берадиган бўлди.

Футзал оламида Ўзбекистон номи энг юқори ўринларда қайд этилади. Ўйлайманки, яқин келажакда аёллар футзали ҳам бу йўналишда ўзининг ўрнини топа олади.

— CAFA томонидан ташкил этилаётган турнирига тайёргарлик қандай кечди?

— Биринчи галда мен турнир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни айтиб ўтмоқчиман. Чунки ушбу мусобақа ҳаммамиз учун кейинги йирик турнирлар учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Жамоамизнинг тайёргарлигига келсак, декабрь ойининг охирида йиғин ўтказгандик. Кейинчалик эса январь ойида яна машғулотларга қайтдик. Тўғри, вақт масаласида бироз қисқароқ муддатга эга бўлдик, лекин, ўйлашимча, мана шундай турнирлар барча учун керак ва у ҳаммамиз учун фойдали бўлади.

— Мусобақа учун олдингизга қандай мақсад қўйгансиз?

— Олдимизга қўйилган вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсам, турнирга ёшларимизни жалб этганмиз, шу сабабли биринчи галда уларнинг имкониятларини кўриб олишимиз керак. Бу уларнинг ўзлари учун ҳам жуда зарур. Чунки улар турнирдан тажриба орттириб оладилар. Кейинчалик эпидемиологик вазият барқарорлашгандан сўнг, йирик турнирлар бошланса, бу аввало, тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Биз эса жамоани шакллантириб боришда давом этамиз.

— Қайси жамоани ўзингиз учун яққол рақиб сифатида кўрсатган бўлардингиз?

— Ҳозирда қайсидир жамоани ўзимиз учун асосий рақиб сифатида кўрсата олмайман, чунки, ўзингиз ҳам биласиз, Covid-19 сабабли мусобақалар камайиб кетган. Бу рақибларимизни имкониятини чамалашда бироз қийинчилик туғдиради. Умуман олганда, турнирда осон ўйин бўлмаслиги аниқ. Айниқса, Эрон билан ўйин жуда муҳим ҳисобланади. Сабаби, бу давлатда аёллар футзали масаласида ҳар бир ёш тоифалари учун лигалар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, жамоа энг кучли футзалчилари билан ташриф буюради. Ўйлайманки, улар билан бўладиган ўйин бизга катта тажриба беради.

Бироқ айнан қайсидир жамоани мана шу бизнинг ҳақиқий рақибимиз, деб айта олмайман. Ҳаммада куч бор, ўйлашимча, турнирда жамоалар савияли ўйин намойиш қила олади.

Барча жамоаларга омад тилайман.