Free ebooks Library zlibrary project

Ўтган йилнинг кузида Осиё футбол конфедерациясининг болалар-ўсмирлар футболини ривожлантириш масалалари бўйича масъул ходими Ласло Салаи бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ юртимизда бўлиб, “Бунёдкор” ҳамда Aндижон вилояти ҳудудий футбол академиясининг иш-фаолияти, инфратузилмаси ҳамда ёш футболчиларни тарбиялаш дастури билан танишган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад – мазкур академияларнинг ОФК элит ўсмирлар тузилмалари сафига қўшишга мос келишини аниқлаш ва шу асосда академияларга “уч юлдузли” тизим бўйича мақом тақдим этиш эди.

Ўрганишлар хулосаси ўлароқ ОФК Ўзбекистон футбол ассоциациясига “Бунёдкор” ҳамда Aндижон вилояти ҳудудий футбол академияларининг Осиё футбол конфедерацияси элит ўсмирлар тузилмасининг тўлақонли аъзолари мақомини олгани бўйича мактуб йўллади. Хусусан, “Бунёдкор” футбол академияси “икки юлдузли” академия мақомига эга бўлди. Aндижон вилояти ҳудудий футбол академияси эса “бир юлдузли” мақомига эга бўлди.

Қайд этиш жоиз, бундай мақомга эга бўлган академиялар қитъа футбол уюшмаси ўтказадиган турли мусобақа ҳамда спорт тадбирларида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Таъкидлаш лозим, “Бунёдкор” академияси “икки юлдуз”га эга бўлган Ўрта Осиёдаги ягона футбол академиясига айланди. “Уч юлдузли” академия мақоми қитъамизда Қатардаги “Aspire” академиясидагина мавжуд.