Free ebooks Library zlibrary project

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг футбол бўлимлари, футбол маҳорат мактаблари, ихтисослаштирилган футбол мактабларида мавжуд шарт-шароитларни яқиндан ўрганиш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида иш олиб бормоқда.

Шу мақсадда Республикамизнинг барча вилоятларида бу борадаги мавжуд вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиш учун тузилган ЎФА ва спорт вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида бўлди ва вилоятдаги болалар-ўсмирлар футболидаги шарт-шароит, камчиликлар билан атрофлича танишиб чиқди.

Мутахассислар вилоятнинг барча туманларида фаолият олиб бораётган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлимларининг иш-жараёни, футбол тўгаракларининг зарур инвентарлар билан таъминланганлиги, мураббийларнинг замонавий методлар асосида машғулотлар олиб бораётганини ўрганди, болалар учун машғулот ва ўйинларга мўлжалланган майдонлар ҳолати ҳам кўздан кечирилди.

Вилоятнинг асосий футбол маскани бўлмиш Футбол маҳорати мактаби фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди. Олимпия захиралари мактаб-интернати, “Машъал” ва “Шўртан” клублари қошидаги академиялар ҳам бориб кўрилди.

Қолаверса, ишчи гуруҳ Қашқадарё вилояти футбол ассоциациясида ҳам бўлиб, ассоциациянинг бугунги кундаги иш жараёни, 2020 йилда амалга оширилиши мўлжалланган режалари, мусобақалар тақвими билан ҳам яқиндан танишди.