Аввал хабар берганимиздек, ЎФА томонидан Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийлиги учун япониялик тажрибали мутахассисларни таклиф этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Режага мувофиқ, бош мураббий лавозимига номзод Мидори Ҳонда ва унинг ёрдамчиси Такая Цуцуми Ўзбекистонга етиб келди ҳамда ЎФА раҳбарияти билан учрашди.

Дастлаб, япониялик мутахассислар мамлакатимиз футболи тарихи билан танишдилар. Шунингдек уларга бугунги кунда юртимизда аёллар спорти, хусусан, футболга берилаётган эътибор ҳақида маълумотлар берилди. ЎФА раҳбарияти томонидан янги мураббий ёрдамида тартиб, интизом, курашувчанлик каби япон менталитетига хос хислатларни мамлакатимиз футболида янада кучайтириш, жамоамизни янги даражага олиб чиқиш каби мақсадлар кўзланганини таъкидлаб ўтилди. Ўз ўрнида, япониялик мутахассислар бу йўлда бор куч-ғайратларини ишга солишга тайёр эканлигини билдиришди. Шундан кейин Мидори Ҳонда билан шартнома масаласида дастлабки музокаралар олиб борилди. Япониялик тажрибали мутахассисларнинг вазифалари муҳокама қилинди ва келгусидаги режалар хусусида фикр алмашилди.

Маълумот учун, Мидори Ҳонда 17 ёшидан бошлаб 10 йил давомида Япония терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. 1991 йилда ўтказилган Жаҳон чемпионатида иштирок этган. Осиё ўйинларида жамоаси билан биргаликда бронза медалини қўлга киритган. Бош мураббий сифатидаги фаолиятини 2001 йилда «Окаяма» клубида бошлаган. Кейинчалик Япония У-20 аёллар жамоасида мураббий ёрдамчиси сифатида ишлаб, Жаҳон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритган. 2013-2019 йиллар давомида “Нагано Парсейро”, 2020-2021 йилларда эса “Сидзуока ССУ Асреджина” клубини бошқарди. Бундан ташқари, Мидори Хонда Японияда ЖФАнинг «С» категориядаги лицензияни олган илк аёл мураббий ҳисобланади.