Биласиз, “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг футбол бўлимлари, футбол маҳорат мактаблари, ихтисослаштирилган футбол мактабларида мавжуд шарт-шароитларни яқиндан ўрганиш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида иш олиб бормоқда.

Шу мақсадда Республикамизнинг барча вилоятларида бу борадаги мавжуд вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиш учун тузилган ЎФА ва спорт вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятида бўлди ва вилоятда болалар-ўсмирлар футболидаги шарт-шароит, камчиликлар билан атрофлича танишиб чиқди.

Наманган вилоятида фаолият олиб бораётган жами 16 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлимларининг иш-жараёнини ўрганган мутахассислар футбол тўгаракларининг зарур инвентарлар билан таъминланганлиги ҳамда мураббийларнинг замонавий методлар асосида машғулотлар олиб бораётгани билан ҳам танишди.

Вилоятнинг асосий футбол маскани бўлмиш Футбол маҳорати мактаби фаолияти ҳам атрофлича ўрганиб чиқилди. Олимпия захиралари мактаб-интернати, вилоятдаги бир қатор футбол мактаблари, шунингдек янги барпо этилаётган футбол майдонлари ҳам бориб кўрилди.

Ташриф якунида вилоят раҳбарлари, вилоятнинг спорт соҳаси мутассаддилари билан ўрганиш натижалари муҳокама этилди, олдиндаги қилинажак режалар келишиб олинди.