2019 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонда белгиланган қатор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг футбол бўлимлари фаолияти, футбол маҳорат мактаблари, ихтисослаштирилган футбол мактабларида мавжуд шарт-шароитларни яқиндан ўрганиш, уларнинг инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш борасида иш олиб борилмоқда.

Ҳудудларда бу борадаги мавжуд вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиш мақсадида ЎФА ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутахассисларидан тузилган ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ҳам бўлди. Мутахассислар вилоятнинг барча туманларида бўлиб, ҳудудда болалар ва ўсмирлар футболидаги шарт-шароит, камчиликларни атрофлича ўрганди.

Фарғона вилоятида айни пайтда 22 та БЎСМ фаолият юритмоқда. БЎСМ, ИБЎСМ, Футбол маҳорат мактабларидаги футбол бўлимларининг умумий иш-фаолияти, футбол тўгаракларининг зарур инвентарлар билан таъминланганлиги, мураббийларнинг замонавий методлар асосида машғулотлар олиб бораётгани ўрганилди. Қолаверса, болалар футбол билан шуғулланадиган майдонлар ҳолати билан ҳам танишиб чиқилди.

Бундан ташқари вилоят футбол ассоциацияси биноси, ассоциация иш жараёни, янги мавсум учун режалари, ўтказилиши режалаштирилган мусобақалар тақвими, мавжуд камчилик ва муаммолари ҳам ўрганилди.